Поп туман ҳокими А.Султановнинг “Ҳоким ва ёшлар” очиқ мулоқотидаги НУТҚИ

 Поп 2023 йил

Ассалому алайкум ҳурматли ёшлар! Азиз Фарзандларим! Қадрли меҳмонлар!

 

Сўзим аввалида барчангизни яқинлашиб келаётган янги 2024 йил – янги йил байрами билан Сиз азизларни, Сизнинг тимсолингизда туманимизнинг барча ёшларини чин дилдан муборакбод этаман!

Мамлакатимизда яқин ўтган давр мобайнида амалга оширилган жами бунёдкорликлар, барча соҳалардаги туб ислоҳотлар, кундалик турмушимиздаги шиддатли ўзгаришлар, эзгу янгиланишлар, аввало, ёшларимиз келажаги учун, уларнинг озод ва обод ватанда, ҳеч кимдан кам бўлмай, бахтли ҳаёт кечириши, илм олиши, ҳунар эгаллаши, ўзидаги бор қобилият ва истеъдодни ёрқин намоён этиб, юртимиз довруғини, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ва обрўсини янада оширишга ҳисса қўшадиган етук, баркамол авлод бўлиб вояга етиши, ҳаётда ўз муносиб ўрнини топиши учун қилинаётган сайъи - ҳаракатлар эканини барчангиз яхши биласиз.

Шу улуғ мақсад йўлида туманимизда ҳам ёшларимиз учун шу вақтга қадар кузатилмаган имтиёз ва имкониятлар, эътироф ва қўллаб-қувватлаш муҳити янада барқарорлашиб бормоқда.

2023 йил 11 апрель куни “Ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари” масаласида муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Ёшлар билан ишлаш ҳаёт мамот ва хавфсизлик масаласи” эканлиги таъкидланган эди ва ёшларга кўплаб соҳа ва йўналишларда катта имконият эшиклари очиб берилди. Ёшлар билан индивидуал ишлаш тизими жорий этилди.

Бугунги кунда ҳар бир сектор раҳбарлари ёшлар билан биргаликда ишлашни ўзининг устивор вазифаси қилиб белгилагани, айниқса, жойларда ўтказилаётган “Ҳоким ва ёшлар”, “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари - ёшларимиз қалбига йўл топиш, уларни қийнаб келаётган камчилик ва муаммолар ечимини ўз жойида ҳал этиш, ёш иқтидорларга кенг йўл очиб беришнинг энг қулай воситаси бўлиб, ҳокимлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва давлат идоралари ёшларнинг чинакам суянчи ва таянчига айланиб бораётгани, ёшларга оид давлат сиёсатининг амалий ифодасига хизмат қилмоқда.

Шу ўринда туманимиз ёшлари ҳаётига оид айрим рақамларни келтириб ўтсам.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-92-сонли қарорига асосан Поп туманида 2022 йил 21 январ кунидан бошлаб туманимиздаги мавжуд 77 та маҳаллаларда ёшлар етакчилари ўз иш фаолиятини бошлади.

Ёшлар етакчиси лавозими жорий этилган кунидан бошлаб тумандаги “Ёшлар баланси”ни шакллантириш мақсадида барча маҳаллаларда уйма- уй юриш орқали хатлов ишлари олиб борилди.

Хатлов натижаларига асосан туманда 0 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 117 733 нафарни, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган “Ёшлар баланси” электрон платформасида ёшлар етакчилари томонидан рўйхатга олинган ёшлар сони 51 876 нафарни (қизлар 25 419 нафар), шундан Давлат ва хусусий сектор ҳамда таълимда банд бўлган иқтидорли ёшлар сони 23 866 нафарни, ишсиз, норасмий банд ва вақтинча меҳнат қобилиятига эга бўлмаган ижтимоий муаммолари мавжуд ёшлар сони 28 010 нафарни ташкил этди.

 

 

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Иқтисодий-ижтимоий муаммолари мавжуд ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда муаммоларига ечим топиш мақсадида “Ёшлар дафтари” ташкил этилганлигидан барчангиз хабардорсизлар.

Туманимизда ҳам 2023 йилнинг шу бугунги қадар “Ёшлар дафтари”га 2933 нафар (1-секторда 526 нафар, 2-секторда 795 нафар, 3-секторда 649 нафар, 4-секторда 932 нафар) ёшлар тавсия этилган.

Шундан 2666 нафарига ёрдам кўрсатилди. Ёрдам кўрсатилганларнинг 514 нафарига “Тўлов контракт” тўлаб берилди, 19 нафарига “Ҳайдовчилик” курслари учун тўлов қилинди, 54 нафарига СЧР бадал пулини тўлаб берилди, 118 нафарига ўзини-ўзи банд қилиш учун асбоб-ускуна олиб берилди, 70 нафарига даволаниш харажатларини қоплаб берилди, 603 нафари доимий иш ўринларига жойлаштирилди, 26 нафарига 10 йил муддатга ижара асосида ер берилди, “Келажак касблари” лойиҳаси бўйича 18 нафар ёшлар ўқитилди, 1204 нафар ёшларга бошқа йўналишларда ёрдам кўрсатилди.

Бугунги кунда “Ёшлар дафтари”да 267 нафар ёшлар мавжуд бўлиб, йил охирига қадар ушбу ёшларга ҳам ёрдамлар кўрсатилади. Хусусан, бугун ҳам 100 нафар ёшларимизга тўлов-контракт пуллари ўтказилади, моддий ёрдамлар ва асбоб-ускуналар берамиз.

“Ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари” юзасидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ёшларнинг ижтимоий ҳолати, қизиқиши ва уларнинг муаммолари хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир ёшлар билан индивидуал ишлаш тизими яратилиб, уларни 3 тоифага, яъни,

- яшил (банд бўлган ёшлар),

- сариқ (уюшмаган ёшлар) ҳамда

- қизил (оғир тоифадаги ёшлар) тоифаларга ажратилди.

Уларни орасидан давлатнинг эътибори ва ғамхўрлигини кутаётган, кўмакка мухтож 1 714 нафарини қизил (оғир) тоифага кирувчи ёшлар билан индивудиал ишлаш тизимини йўлга қўйиш мақсадида алоҳида ажратиб олинди ҳамда уларга туман бўйича жами 25 нафар ҳамда 4 нафар вилоят мутасадди раҳбарларига бириктирилди.

Бириктирилган масъулларга ёшлар билан шахсан манзилли учрашиш, улар билан индивидуал ишлаб муаммолари ва таклифларни ўрганиш вазифалари юклатилди.

Натижаларга кўра бириктирилган масъуллар томонидан ўзларига бириктилган ёшлар билан тўлиқ суҳбатлашилди. Мазкур ёшларнинг ота-оналарига раҳбарлар томонидан хатлар юборилди. Манзилли ишлаш мақсадида маҳаллабай “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, бугунги кунгача ёшларнинг муаммо ва масалаларига ечимлар топилди.

Хусусан, Ёшлар томонидан кўтарилган 837 та муаммолардан 833 таси (99,6%) бириктирилган раҳбарлар томонидан ҳал этилган.

Ҳозирда 5 та муаммо ижрога қаратилган. Жумладан, 1 та даволаниш операцияси, 1 та протез жихози, 1 та мутахассислиги бўйича ишга жойлаш, 1 та моддий ёрдам ажратиш билан боғлиқ масалалар тегишли тартибда масъул раҳбарлар томонидан ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

 

Ёшларимизнинг бандлиги таъминлаш масаласи ҳам алоҳида аҳамият касб этувчи масалалардан бири бўлиб, “Ёшлар бандлиги дастурлари”ни ишлаб чиқиш тўғрисида берилган топшириқларга асосан тумандаги 77 та маҳалла бўйича бандлик дастурлари ишлаб чиқилган.

 

Ёшлар бандлиги дастурига Ёшлар етакчилари ва ҳоким ёрдамчилари томонидан умумтаълим мактабларининг 11-синф битирувчилари (1981 нафар), профессионал таълим – коллеж, техникум, касб-ҳунар мактаблари битирувчилари (822 нафар), олий таълим муассасалари битирувчилари (418 нафар) ва мавжуд ишсиз бўлган (524 нафар) ёшлар киритилган.

Бугунги кунга қадар бандлик дастурлари ижроси бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан мактаб битирувчиларидан 886 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган, 202 нафар мактаб битирувчилари профессионал таълим муассасаларида ўқишни давом эттирмоқда.

205 нафар ёшлар эса иш ўринларига жойлаштирилди. 140 нафари касб-ҳунарларга қайта ўқитилмоқда. 193 нафари тумандаги уста-ҳунармандларга бириктирилган. 303 нафари хусусий олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.

Дастур асосида 1666 нафар ишсиз ёшлар қамраб олинган бўлиб, шундан 680 нафари доимий иш ўринларига, 181 нафари касб-ҳунарларга ўқитилмоқда. 49 нафар ёшларга эса субсидия асосида меҳнат қуроллари берилди. 32 нафарига ер майдонлари ажратилди. 131 нафар ёшларга тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар берилди. 303 нафари уста-ҳунармандларга бириктирилди.

 

 

Ҳурматли меҳмонлар,

Азиз ёшлар!

 

Муҳтарам Президентимизнинг “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-201-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида туманимиздаги 77 та маҳаллаларда истиқомат қилаётган 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўтган йилдан бошлаб беш босқичли “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида танлов ва мусобақалар ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилда хам олимпиаданинг 1- ва 2-мавсумлари ўтказилди.

1-мавсумда туманимиздаги 77 та маҳаллаларда 9 турдаги спорт мусобақалари (яъни, қувноқ стартлар, енгил атлетика, шахмат, шашка, стол тенниси, стритбол, wаркоут, гимнастрада, мини-футбол, кибер спорт турлари) ҳамда 6 та (“Ёшлар рақс фестивали”, “Тикувчилик”, “Сартарошлик”, “Ошпазлик”, “Қандолатчилик”, “Ҳунармандчилик”, танловларидан иборат 5 босқичли (маҳалла, сектор, туман, вилоят ҳамда Республика) мусобақалари ўтказилди.

Унда туманимизда истиқомат қилаётган (7-30 ёш) жами 51 минг ёшларимиздан 26. минг нафардан ортиғи ёки (50 фоиздан зиёди) оммавий спорт турларига қамраб олинди.

Беш ташаббус олимпиадасининг 2023 йил 2-мавсуми давомида маҳалла ёшлари ўртасида кураш спорт тури бўйича “Бош Прокурор кубоги”, волейбол спорт тури бўйича “Ички ишлар вазири кубоги”, гимнастрада, “Заковат” интеллектуал ўйини, “Миллий ва замонавий чолғу ижрочилиги” танлови, “Ёш китобхон” танловлари ўтказилди.

Жорий йилда олимпиада доирасида Муваффақиятга эришган поплик спортчи ёшларимиз шарафига Боғишамол, Ўрта Хонобод, Уйғур, Учуйли, Поп, Обод, Ипак йўли, Мустақиллик, Исковут, Маданият, Тошқўрғон маҳаллаларига замонавий спорт майдончалари қуриб берилди.

 

Ҳурматли қадрдонларим!

 

Ишонаманки, Сиздай шижоатли, ғайратли, ватанпарвар ёшларимиз бор экан, юкимиз ҳеч қачон ерда қолмайди. Кўзлаган юксак марраларимизни дадиллик билан забт этаверамиз!

Шак-шубҳа йўқки, Янги Ўзбекистонимизнинг ёрқин Истиқболини, мамлакатимизнинг эртанги келажагини биз Сиз билан қурамиз!

Азиз ёшлар, Сизларни яна бир бор яқинлашиб келаётган янги йил байрами билан, чин қалбимдан муборакбод этиб, ўқиш ва ишларингизда, оилавий ҳаётингизда улкан муваффақиятлар тилайман!

Парвозингиз, интилишларингиз бундан ҳам сарбаланд бўлаверсин!

Юртимиз тинч, халқимиз соғ-саломат, эзгу ниятларимиз ижобат бўлсин.

 

ЭЪТИБОРИНГИЗ УЧУН РАҲМАТ!