Поп тумани ҳокими А.Султановнинг Поп туманидаги 30-сонли умумтаълим мактабида қурилган янги спорт майдони очилишига бағишланган тантанали тадбирдаги

Т А Б Р И К     С Ў З И

Поп тумани -2024 йил Ассалому алайкум, ҳурматли ватандошлар, устозлар, азиз ўқувчилар!

Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантириш, фарзандларимизнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллашлари, ўқувчи-ёшларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбига шукроналик туйғуларини сингдириш масаласини давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгилаб бердилар.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда мактабгача ва мактаб таълими тизимида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар жараёнида умумтаълим мактаблари учун янги замонавий бинолар қурилишига катта эътибор қаратилаётгани кўп йиллик муаммоларни ҳал этишга замин яратмоқда.

Маълумки, биз ўз олдимизга улкан мақсадларни қўйиб, уларга эришишнинг энг муҳим омили сифатида таълим-тарбия соҳасига жуда катта аҳамият бермоқдамиз. Изчил ислоҳотлар бизнинг туманимиздаги илм даргоҳларида ҳам ўз аксини топмоқда.

Жумладан, “Уйчи мега строй” МЧЖ томонидан Келачи маҳалласида қиймати 12 млрд. 800 млн. сўм бўлган 408 ўқувчига мўлжалланган  Президент  ихтисослаштирилган мактаблари агентлиги тасарруфидаги “Айрим фанларга ихтисослаштирилган мактаб”ни қуриш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Туманимизда иқтидорли фарзандларимиз кўп, лекин бошқа туманлардаги Президент ихтисослаштирилган мактаблари агентлиги тасарруфидаги мактабларга бориб ўқиш учун шароити йўқ. Ушбу мактабнинг қуриб битказилиши эса туманимиздаги иқтидорли ўқувчиларимиз учун имконият эшикларини очади.

Олис ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилаётган фарзандларимизнинг ҳам мана шундай чиройли, кенг ва шинам ўқув биноларида таълим олишга, келажакда ўзлари хоҳлагандек касб-ҳунар эгаси бўлишга ҳақлари бор, шунинг учун муҳтарам Президентимиз биринчи навбатда олис ҳудудлардаги фарзандларимизнинг билим олишлари учун етарли шароитларни яратиш масаласига алоҳида эътибор бермоқдалар.

Биргина ўтган 2023 йилнинг ўзида Жаҳон тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан Тепақўрғон МФЙдаги 17-сонли, Имон ота МФЙдаги 22-сонли умумтаълим мактабларига қўшимча 240 ўринли, Инвестиция дастури асосида Уйғурсой шаҳарчасида жойлашган 2-сонли умумтаълим мактабининг эски бинолари мукаммал таъмирдан чиқарилиб, қўшимча 210 ўринли ўқув биноси янгидан қурилди ва  фойдаланишга топширилди. 

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан йўлга қўйилган Маҳаллий бюджет маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга қаратилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси фуқароларимиз учун кўпгина масалаларнинг ечимини топиб бермоқда десак, муболаға бўлмайди, албатта.

Бугунги тўпланиб турган масканимиз “Водий” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 30-сонли умумий ўрта таълим мактаби жамоаси ҳам ушбу яратиб берилган имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда ўз таълим масканларига бир қатор қулай шароитларни яратишга эришдилар.

Жумладан, ушбу кўриб турганимиз мактабдаги очиқ спорт майдонида усти ўралган мини- футбол майдони ташкил этилди.

Мазкур иншоотда 572 млн. 634 минг сўмлик қурилиш ишлари бош пудратчи - “Иншаат-инвест” МЧЖнинг қўли гул уста-қурувчилари томонидан амалга оширилди.

Фурсатдан фойдаланиб, уларга ҳам улкан миннатдорлик изҳор этамиз. 

Ҳурматли тадбир қатнашчилари, азиз устозлар!

Таълимни ривожлантириш юзасидан вазифаларимиз кўп. Ниятларимиз ҳам хайрли ва улуғ. Бу вазифаларни бажармоқ, улуғ ниятларга эришмоқ учун ҳаммамиз бир тан, бир жон бўлиб, уюшқоқлик билан ишлашимиз зарур.

Сўзим якунида Сизларни ва сизлар орқали барча “Водий” маҳалласи аҳолиси ва мактаб жамоасини мазкур янги спорт майдонининг фойдаланишга топширилиши билан ўзим номимдан, туман сектор раҳбарлари номидан чин дилдан табриклайман!

Барчангизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ҳамиша ҳамроҳ бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!