Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият, оила ва маҳалладаги тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ишидаги ролини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Айни пайтда, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги 816-сон қарори билан ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланган.Амалдаги Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзод сифатидаги сайловолди дастурида ҳам инсон қадрини улуғлаш устувор масала сифатида ёндашилган.

Дастурда Аҳоли саломатлигини сақлаш – соғлиқни сақлаш тизимида юксак натижадорликка эришиш, аҳоли ўртасида касалликларни камайтириш, соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилиш ва ўртача умр кўриш даражасини ошириш муҳим вазифа сифатида эътироф этилган.

Шу мақсадда Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази, вилоят соғлом авлод хайрия фонди, туман тиббиёт бирлашмаси, туман Нуронийлар жамоатчилик кенгаши, Республика маънавият ва маърифат маркази Поп тумани бўлинмаси ҳамкорлигида “Кексалар ҳафталиги” арафасида етакчи мутахассислар ҳамда умумий амалиёт шифокорларидан иборат “Тиббиёт автобуслари ” лойиҳаси орқали Поп туманнинг олис тоғли ҳудуди бўлган Чоркесар қишлоғида 2021 йил 29 сентябрь куни кексаларнинг тиббий кўриги ўтказилди. Тиббий кўрик давомида Чоркесар қишлоғида истиқомат қилаётган нуронийлар инсон қадри улуғланаётганлиги ва сўнгги беш йил ичида кексаларга бўлган эътибор ва ғамхўрлик учун юртбошимизга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.