Наманганлик журналист Муҳаммадали Қамбаров меҳрибонлик уйининг 5 нафар тарбияланувчисини қарамоғига олди (https://daryo.uz/k/2021/10/07/namanganlik-jurnalist-5-nafar-bolani-asrab-oldi-uning-yolgiz-ogli-uch-yil-avval-vafot-etgandi-foto-va-video/). Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Муҳаммадали Қамбаров 45 ёшда. Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари, «Уйчинома» газетаси муҳаррири. Турмуш ўртоғи Наргизахон ўқитувчи, тумандаги мактаблардан бирида математикадан дарс беради. Ўзлари икки нафар қиз — 19 яшар Дурдона ва 15 ёшни қаршилаган Дилшодани тарбиялашмоқда.
«Туман ҳокимлигининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида янги тизим жорий этилгани, меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини оилавий меҳрибонлик уйлари бағрига олаётгани ҳақидаги материални жойлаштирдим, лекин ўша пайт бунга у қадар эътибор бермадим. Кейинчалик бунинг тартиб-қоидалари ҳақда танишларимиздан бири синчиклаб сўраб қолди. Шу баҳона материални яна қайтадан ўқиб чиқдим. Эртасига эса Наманган шаҳридаги 26-меҳрибонлик уйига йўл олдим», — дея ҳикоя қилади Муҳаммадали.
Бундан икки йил аввал журналистнинг хонадонида мусибат юз берганди. Оиланинг ёлғиз ўғли оғир хасталикка чалинди. Уни шифокорларга қаратиш ва даволашга бўлган уринишлар, афсуски, наф бермади. Бекзод 9 ёшида оламдан ўтди.
«Шу ўтган вақт давомида фақат иш билан овундим. Уйимиз гўё ҳувуллаб қолгандек эди. Фарзанд доғи одамни чўктириб қўяр экан. Шу сабаб меҳрибонлик уйига камида 5 нафар болани асраб оламан, деган ниятда бордим. Аввалига 2 қиз ва 3 ўғил болани берадиган бўлишди. Кейин эса «Сизга 5 нафар ўғил болани берсак-чи?» деб сўрашди. Бу биз учун айни муддао эди. Йўқотган ўғлимизнинг ўрнига беш нафар азаматни бағримизга олдик. Хонадонимиз яна йигитчаларнинг ўктам кулгиси билан тўлди, уйимизга файз киргандек бўлди», — дейди Муҳаммадали.
Маълумот учун, Наманган шаҳридаги 26-меҳрибонлик уйида бугунги кунга келиб атиги 10 нафар тарбияланувчи қолди. Йил бошида уларнинг сони 72 нафар эди.








