Иқтисодиёт ривожланиб бориши билан фуқаролик судларида кўрилаётган даъво тоифалари ҳам кўпайиб бормоқда. Хусусан, маҳсулотларни қийматини бўлиб тўлаш шарти билан муддатли даврга маҳсулот сотадиган дўконлар тармоқлари кенгайиб бориши ушбу турдаги низоларнинг ортишига сабаб бўлмоқда.
Суд мажлиси жараёнларида баъзан ўқитувчилар, баъзан нафақахўрлар, баъзан эса маҳалла фуқаролар йиғини оқсоқоллари, бир сўз билан айтганда ойлик маош оладиган ходимлар шартномага имзо қўйган бўлса-да, маҳсулотларни ёки пул маблағини олмаганини, танишининг илтимоси билан маҳсулот ёки кредит олиб берганини, кимнингдир гап-сўзларига ишониб алданиб қолганликларини иддао қиладилар.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 234-моддасига кўра, мажбурият — фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса — қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.Шунингдек, ушбу кодекснинг 236-моддасига асосан, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.Фуқаро билан маҳсулот сотувчи ўртасида ёки банк ўртасида маълум мажбуриятларни бажариш тўғрисида шартнома тузилганидан бошлаб тарафларда шартномавий ҳуқуқ ва мажбуриятлар юзага келади. Гарчи фуқаро шартномага имзо қўйганлигини, лекин маҳсулотни бошқа шахс олиб кетганлигини важ келтирса-да шартномавий мажбуриятдан озод бўлмайди.
Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро суди томонидан кўрилаётган аксарият кредит ундириш, шунингдек, олинган маҳсулотларнинг пулини ундириш тўғрисидаги фуқаролик ишларини кўриш жараёнида кўплаб шундай ҳолатлар кузатилмоқда.Шу боис судьялар томонидан тарғибот ишлари олиб борилаётганида, сайёр қабуллар жараёнида фуқароларга алданиб қолмасликлари, фирибгарлардан эҳтиёт бўлишлари, шартнома тузаётганларида зиммаларига олаётган мажбуриятларни тўла қонли тушуниб шартномага имзо қўйишлари лозимлиги мунтазам равишда тушунтириб борилмоқда. Зеро, фуқаролар ўртасида шартнома маданиятини ривожлантирилиши фуқароларнинг алданиб қолмаслиги ва жамиятимизда фирибгарлик жиноятларининг кўпайишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг судьяси И.Кўчкинова








