Поплик Мўминжон ота Одиловга 1-даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони топширилди

1938 йилда Поп тумани Ғурумсарой қишлоғида дунёга келган Мўминжон Одилов кўп йиллар давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳалол ва самарали меҳнат қилган шунингдек, ёшларни жамият олдида масъулият, она-Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларида жамиятимизда ҳурмат қозонган инсон ҳисобланади.

Бугун 40 дан зиёд невара-чеваралар оғушида кексалик гаштини сураётган нуроний отанинг хонадони яна бир карра қувончга тўлди. Сабаби Мўминжон отага Президентимиз томонидан таъсис этилган 1-даражали "Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони топширилди.

Жараёнда иштирок этган Поп туман ҳокими Аъзамжон Султанов, вилоят Кексаларни эъзозлаш жамоат фонди раҳбари Шермуҳаммад Тўраевларлар Мўминжон отага кўкрак нишони билан биргаликда пул маблағлари ҳамда эсдалик совғаларни тантанали топширишди.

— Ҳар ким кексайганда умр бўйи қилган меҳнатлари роҳатини кўрсин экан, — дейди 1- даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Мўминжон ота Одилов. — Кишининг кўнгли кўтарилиб, руҳи тетиклашади. Юртимизда биз, нуронийлар мана шундай бахтга муяссар бўлаётганимиздан беҳад мамнунмиз.