11 декабрь куни Давлатобод туманида жойлашган маданият марказида Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни – “Ҳосил байрами” муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.

2022 йил бошқа соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам Наманган вилояти учун том маънода баракали ва омадли келди. Хирмонлар кўкка юксалиб, халқ дастурхони ноз-неъматга тўлди.

Тадбирда сўз олган Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразаков соҳа ходимларининг бугунги катта байрам – Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни “Ҳосил байрами” билан йиғилганларни табриклади.

Тантанали маросимда бир гуруҳ фаолларга "Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси", "Илғор фермер", "Намунали томорқачи" ва "Меҳнаткаш деҳқон" кўкрак нишонлари, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Вилоят раҳбари Шавкатжон Абдуразоков жорий йил қишлоқ хўжалигида салмоқли, самарали бўлганини таъкидлади. Пахта, ғалла ва пиллачиликда яхши натижаларга эришилгани, мева-сабзавотчиликдаги ютуқлар, алоҳида эътироф этилди.
Бу йил вилоятда 465 минг тоннадан ортиқ ғалла, 222 486 минг тонна пахта, 1 млн 120 минг минг тонна сабзавот, 492 минг тонна картошка, 108 минг тоннадан зиёд полиз маҳсулотлари, 310 минг тонна мева, 137 минг тонна узум, 2030,9 тоннадан ортиқ пилла, 132 минг тонна гўшт, 578 минг тонна сут, 489 миллион донадан ошиқ тухум тайёрланди. Ҳар бир йўналишда белгиланган режани ортиғи билан бажаришга эришилди, ҳосилдорлик ва самарадорлик ўтган йилга нисбатан сезиларли ошди.
Маълумот ўрнида, байрам муносабати билан бугун вилоятимизда улоқ-кўпкари мусобақаси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ва Республикамизнинг таниқли санъаткорлари иштирокида концерт дастури бўлиб ўтмоқда.








