Мамлакатимизда кадрларга оид давлат сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш ва фаолият кўрсатишнинг замонавий талаблари ва тартиблари белгиланди, бу борада ҳуқуқий ҳужжатлар амалиётга татбиқ этилди.
Хусусан, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги (ЎРҚ–788-сон, 08.08.2022й.) Қонуни қабул қилингани фикримиз далилидир.
Ушбу ҳужжат билан давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми белгиланди, давлат фуқаролик хизматига кириш тартиби ва шартлари, хизматни ўташ ҳамда давлат фуқаролик хизматчисини ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш тартиблари аниқ белгилаб берилди.
«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонун 10 та боб ва 64 та моддадан иборат бўлиб, у мамлакатимизда ижро ҳокимияти вазифаларини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотларидаги 118 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ барча муносабатларни ягона қоидалар асосида тартибга солади. Шу тариқа эндиликда давлат фуқаролик хизматига татбиқ этиладиган барча вазирлик ва идораларда ходимларни ишга қабул қилиш, фаолияти самарадорлигини баҳолаш, уларни хизмат поғоналарида ўстириш, рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш ва хизматни тугатиш масалаларида турлича ёндашувларга барҳам берилади.
Давлат фуқаролик хизмати деганда «Давлат хизматининг бир тури, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат фуқаролик хизмати лавозимларидаги давлат органлари ваколатлари амалга оширилишини таъминлашга доир ҳақ тўланадиган касбий фаолияти тушинилади» албатта.
Қонунга кўра, ўз навбатида 40 соатдан ошмайдиган иш давомийлиги белгиланиб, давлат хизматчиларига «ҳайфсан», «жарима» ишдан бўшатиш билан бир қаторда малака даражасини пасайтириш ва лавозимини пасайтириш тарзидаги интизомий жазолар ҳам қўлланилади. Уларга 27 кундан кам бўлмаган йиллик асосий таътил берилади. Давлат фуқаролик хизматчиларига «сиёсий» (вазир, раис, директор ва бошқа), «бошқарув» (департамент, бошқарма ва бўлим бошлиқлари) ва «ёрдамчи» (мутахассис, инспектор ва консультантлар) малака даражалари берилади. Бунда маълумоти, иш стажи ва малака ошириш курсларининг натижалари ҳисобга олинади. Яъни юристлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва мудофаа органларидаги ходимлар хизмат фаолияти давомида махсус унвонлар олгани каби эндиликда фуқаролик хизматчилари ҳам махсус мартаба – малака даражасига эга бўлади. Қонунга асосан коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди.
Мазкур қонуннинг яна бир аҳамиятли жихати шундаки, эндиликда давлат хизматчиси тадбиркорлик билан шуғулланиши, уларнинг муассиси бўлиши, Ўзбекистондан ташқарида ҳисобварақлар очиши, чет элда кўчмас мулк олиши тақиқланиши белгилаб қўйилди.
Қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасида ваколатли орган этиб Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланди.
Умуман олганда, давлат хизматчиларига қўйилган талаб ва шартлар ҳамда ундаги фазилатлар, албатта, аҳоли ўртасидаги боғлиқликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Поп туман адлия бўлими
бош маслаҳатчиси Акмал Қодиров








