2022 йилнинг 29 октябрь куни Ўзбекистон Меҳнат кодекси янги таҳрирда қабул қилинди. Ҳужжат 6 ойдан сўнг – 2023 йил 30 апрелда кучга киради ва 1995 йилдан бери амалда бўлган Меҳнат кодексининг ўрнини эгаллайди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2021 йил 14 октябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 2022 йил 17 мартда Сенат томонидан маъқулланган эди. Кодекс 7 бўлим, 34 боб ва 581 моддадан иборат.

Янги кодекс фуқаролар учун қандай янгиликларни ўз ичига олган:

Хусусан, Кодексга кўра, якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ва улар билан бевосита боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий принциплари этиб қуйидагилар белгиланди:

-меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш;

-меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш;

-меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик;

-меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатланганлиги;

-ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслик.

Жумладан, меҳнат эркинлиги ҳар кимнинг меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш, уларни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга ошириш, машғулот турини, касбни ва мутахассисликни, иш жойини ҳамда меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқини англатади.

Янги кодексга мувофиқ дам олиш куни байрам кунига тўғри келса кейинги кунга кўчирилади. Масалан, якшанба – дам олиш куни 1 сентябрга тўғри келса, дам олиш куни душанбага кўчирилади.

Бунда ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмайди.

Мазкур кодекс кучга киргач, Ҳомиладор аёлларга қўшимча бўш кунлар берилади

Ушбу кодексда, шунингдек, иш берувчи ҳомиладор аёлларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида антенатал (туғруққача) парваришлаш (перинатал скрининг ва ташхис, мажбурий тиббий кўриклар ва бошқа мажбурий тиббий муолажалар) учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунлар бериши шартлиги белгиланди.

Ҳомиладор аёлларни антенатал (туғруққача) парваришлаш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Қонунийлашган масофадан ишлаш тартиби

Ҳужжатнинг 452-моддасига мувофиқ масофадан туриб ишлаш тартиби қонунлаштирилди. Янги Меҳнат кодекси асосида ахборот-телекоммуникация тармоқларидан, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш шарти билан иш берувчи ва ходим ўртасида масофавий меҳнат муносабатлари жорий этилиши мумкин. Масофадан туриб ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномаси электрон ҳужжатлар алмашинуви орқали тузилади.

Масофадан туриб ишлаш режими қуйидаги ҳолларда белгиланиши мумкин:

ходимни ишга қабул қилишда;

ходим одатдаги иш режимидан масофадан туриб ишлаш режимига ўтказилган тақдирда иш жараёнида.

Уй ишчилари

Уй ишчиларининг меҳнати ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинди. Кодексда иш берувчи бўлган жисмоний шахсларга уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган шахсий эҳтиёжларини қаноатлантириш учун ишларни бажарувчи, хизматлар кўрсатувчи ходимлар (боғбонлар, энагалар, қоровуллар, оқсочлар, ҳайдовчилар ва бошқалар) уй ишчилари деб белгиланди.

Уй ишчиларини ишга қабул қилишга улар ўн олти ёшга тўлганида йўл қўйилади.

Узайтирилган меҳнат таътили

Кодексдаги асосий янгиликлардан яна бири йиллик асосий меҳнат таътили давомийлигининг энг кам муддати йигирма бир календарь куни этиб белгиланди ва халқаро стандартга мувофиқлаштирилди. Илгари таътил 15 иш кунидан давом этарди.

Оммавий ишдан бўшатиш мезонлари

Ишчиларни оммавий ишдан бўшатиш мезонларини белгиланди. Уларга қуйилагилар киритилди:

а) ходимларининг сони йигирма нафар ва ундан ортиқ бўлган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги ташкилотни (унинг алоҳида бўлинмасини) тугатиш;

б) ходимлар сонининг (штатининг) қуйидаги миқдорда:

ўттиз календарь кун ичида эллик нафар ва ундан ортиқ ходимнинг;

олтмиш календарь кун ичида икки юз нафар ва ундан ортиқ ходимнинг;

тўқсон календарь кун ичида беш юз нафар ва ундан ортиқ ходимнинг қисқариши.

Кодексда ходимнинг шахсга доир маълумотларини ҳимоя қилиш тартиби жорий этилди.

Бунда ходимининг туғилган вақти, тугатган таълим муассасаси, ишлаган ташкилотлари, телефон рақами, уйланганлиги ёки турмушга чиққанлиги, соғлиги ҳолати, қариндош-уруғлари ва шу каби бошқа фактлар иш берувчи томонидан учинчи шахсларга қонунга зид тарзда тақдим этилиши мумкин эмас. Соддароқ айтганда, “менга фалон ходимингизнинг “объективка”сини ташлаб юборинг” қабилидаги “илтимослар” энди қонунан тақиқланади.

Кодексда Аёлларга қўшимча ҳуқуқлар берилади

Аёлларнинг ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳам алоҳида белгиланди.

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари кенгайтирилди, шунингдек, ходимнинг пенсия ёшига етганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиши тақиқланди.

Иш вақти турлари кенгайтирилмоқда: сменали иш, мослашувчан иш тартиби, иш кунини қисмларга бўлиш, хизмат сафарлари ва бошқалар киритилди.

Мухтасар қилиб айтганда янгиланган Меҳнат кодексида ХМТ конвенциялари ва тавсияларига асосланган ҳуқуқий ечимлар ўз аксини топган. Меҳнатнинг мослашувчан тартибга солинишига эришишга қаратилган илғор хорижий тажриба инобатга олинган. Меҳнат ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишига, ижтимоий кескинликнинг олди олишга кўпроқ эътибор берилган.

 

Поп туман адлия бўлимими

етакчи маслаҳатчиси Ш.Талобаев