Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов: Бу йил ғалла йили бўлди. Хосил баракали, тартиб-интизом билан иш ташкил этилса, қисқа муддатда омборларимиз тўлади.

Бугун Поп тумани Сирдарё ММТП ҳудудидаги "Фозилжон Муҳаммаджон" фермер хўжалиги ғалла майдонида 2023 йил ҳосили учун етиштирилган бошоқли дон ҳосилини нес-нобуд қилмасдан ўз вақтида уюшқоқлик билан йиғиб олиш ҳамда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш ишларини ташкил этиш бўйича вилоят кўргазмали семинари бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигидаги сектор раҳбарлари, туман ҳокимлари, Арт Софт кластер, вилоят ва туман қишлоқ хўжалиги вакиллари, ММТП раислари, фермер хўжалиги раҳбарлари, ҳамда ғалла ўримига бириктирилган отряд раҳбарлари иштирок этмоқда.

Семинар давомида мутасаддиларга ғалладан бўшаган ерларга такрорий экинларни кечиктирмасдан экиш, уларнинг парвариши бўйича ҳам тавсиялар берилди. Бунда ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларга ер бириктириб бериш алоҳида талаб қилиб қўйилди.

Бунинг натижасида туманда кам таъминланган, эҳтиёжманд ва ишсиз аҳоли хонадонлари оталиққа олинади. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”даги мехнатга лаёқатли вақтинчалик ишсиз фуқароларга тўғри келади. Уларга уруғлик буғдой, сомон пресс ва такрорий экин экиш учун ер майдони берилади. Бу ерларда сабзавот, картошка, дуккакли экинлар, мойли экинлар ва чорва озуқа экинлари етиштирилади.

Жараёнда шу ернинг ўзида мавсумни кўнгилли ва уюшқоқлик билан ўтказишни ният қилиб, жонлиқ сўйилди ва дуои фотиҳа қилинди.

2023 йил бошоқли дон хосили учун вилоят бўйича 67 минг 750 гектар майдонларга ғалла экиб парвариш қилиниб, гектаридан ўртача 78,4 центнердан 530 минг 999 тонна дон етиштирилиши режалаштирилган.Шундан 185 минг 641 тонна давлат ресурслари учун жамғариш белгиланганган. (169 минг 941 тн товар дон, шундан 85 минг тонна давлат захираси учун, 84 минг 941 тонна биржа савдолари учун, 15 минг 700 тонна уруғлик дон учун).