Янги Наманган туманидаги «Ёшлик барака» бозорида водийда илк бор халқаро зотдор ҳайвонлари ва паррандалар кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Тантанали очилиш маросимида сўз олган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков Наманганда сайёҳларни ўзига жалб этувчи фестиваллар сони кўпайиб бораётганини айтиб, ушбу кўргазмали тадбир ҳам чорвачилик ва паррандачилик борасида ўзаро тажриба алмашиш, зотдор ҳайвонлар ва паррандаларни кўпайтириш баробарида соҳага илмий ёндашувни олиб кириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, сифатли гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш хажмини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Рамзий ленталар қирқилгач, иштирокчилар кўргазмадан ўрин олган зотли ҳайвонлар ва ноёб паррандаларни кўздан кечиришди.
Мазкур нуфузли тадбирда 250 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар 1000 дан ортиқ чорва ҳайвонлари ва паррандалар билан иштирок этмоқда. Хусусан, қўшни республикалар Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон давлатларидан чорвачилик ва паррандачилик билан шуғулланадиган йирик тадбиркорлар ташриф буюришган













