Оила жамиятнинг бўғини ҳисобланади. Бироқ, оилада айрим ҳолларда аёл-қизларни тазйиқ ва зўравонликка учраш ҳолатлари кузатилмоқда.  Аёлларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш, уларни тўлақонли равишда ҳар бир жабҳада фаол бўлишларини таъминлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрдаги 561-сонли қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун билан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги гендер сиёсатини, давлат дастурларини ҳамда стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш;

хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилинишини таъминлаш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш;

хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш;

хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилишига олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш;

тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамкорлигини таъминлаш  кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 109, 105, 104-моддаларида қасддан баданган енгил, ўртача оғирликдаги, оғир ва ўта оғир тан жарожатлари етказганлик учун тегишли жазо чоралари белгиланган. Мазкур кодекснинг 103-моддасида эса шахсни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш, 121-моддасида шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш учун қатъий жазо чоралари белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига киритилган янги 1261-моддасида эса оилавий (маиший) зўравонлик учун  жазо чоралари кучайтирилди. Бундай ҳаракатлар шахсни қўрқитиш, унга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш натижасида содир қилинмоқда.

Шунингдек, жамиятимизда қонунсиз (шаръий) никоҳлар асосида яшаётган хотин-қизларга нисбатан оилавий зўравонлик қилиш ҳолатлари кўпаймоқда. Қонунсиз никоҳ асосида турмуш қурган хотин-қизларнинг оиладаги ҳуқуқлари бирмунча чекланган ҳолда бўлади. Бундай хотин-қизлар фарзандларига туғилганлик гувоҳномаларини олишда, уй-жойга бўлган бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, турмуш ўртоғининг мулкидан мерос олишда муаммоларга дуч келмоқдалар. Шу сабабли хотин-қизлар турмуш қуришда никоҳни қонуний расмийлаштиришлари лозим бўлади.

Асосий қонунимиз  бўлган Конституциямизнинг 76-моддасида оила  жамиятнинг  асосий  бўғини эканлиги  ҳамда  жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги алоҳида эътироф этилган.

Юртимизда оиланинг ҳар бир аъзоси ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳис қилган ҳолда ҳаракат қилса оилавий зўравонлик каби иллатларга чек қўйилган бўлар эди.

 

 

Фуқаролик ишлари бўйича

Чуст туманлараро суди раиси

Кучкинова Иқбол Хошимовна