Давлат ҳисобидаги ер участкаси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганида, уни қайтариб олиш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига кўра, юридик ёки жисмоний шахсларга тегишли ер участкаси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганида уни ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ижарачига ёки ер участкасининг мулкдорига қайтариш суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилиши тушунтирилган.

Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш деганда-қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли ваколатли органнинг қарорисиз, ер участкаси чегараси жойида белгиланмасдан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари  тузилмасдан ҳамда ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинмасдан ер участкаларини эгаллаб олиниши тушунилади.

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 90-моддасига кўра, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик ҳолатларда айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасига асосан ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга - сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.

Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддасига асосан ердан, ер ости бойликларидан, сувдан, ўсимлик ёки ҳайвонот дунёсидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ёхуд ерга ва бошқа табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бевосита ёки яширин шаклда бузувчи битимлар тузиш ёки бошқа ҳаракатлар содир этиш, табиатдан махсус фойдаланиш ҳуқуқини бошқаларга бериш, худди шунингдек ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, — фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик, —

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, агар худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 229 1 –моддасига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Шунга кўра кўра барча фуқароларимизга давлат заҳирасида турган ёки бошқа фуқаролар ва ташкилотларга тегишли ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олмасликларини маслаҳат берамиз.

 

Наманган вилоят судининг фуқаролик

ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси                                       А.Сафаев