Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 июлдаги 395-сон қарорига асосан Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг дубликатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг мамурй регламенти тасдикланган.
Ушбу регламентга асосан маълумотини тасдиқловчи ҳужжати (диплом, сертификат) йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган, фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарганда жисмоний шахслар ҳужжатнинг дубликатини бериш учун давлат хизматлари марказларига бориб ёки ЯИДХП my.gov.uz орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Ариза берувчи ДХМга келиб мурожаат этганда ходим ариза берувчи номидан сўровномани электрон тўлдиради.
Сўровнома ЯИДХП орқали тўлдирилганда, электрон рақамли имзо талаб этилмайди.
Давлат хизмати кўрсатилгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади ва йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.
Бунда давлат хизматидан фойдаланиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, тўлов суммасининг 90 фоизи миқдоридаги маблағ ундирилади.
Йиғимни тўламаслик хизмат кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилса, уларни бартараф этиш учун ариза берувчига 5 иш куни муддат берилади.
Сўровнома тушгандан бошлаб 10 иш кунида ҳужжат дубликати расмийлаштирилади ва бу ҳақида ариза берувчига хабар берилади.
Ариза берувчи таълим тўғрисидаги ҳужжат дубликатини ваколатли органдан олиб кетади.
Ариза берувчининг хоҳишига кўра, таълим тўғрисидаги ҳужжат дубликати ваколатли орган томонидан почта хизмати орқали юборилиши мумкин.
Бунда ваколатли орган давлат хизмати натижаси тайёр бўлганлиги ҳақида «Ўзбекистон почтаси» АЖни электрон тизим орқали хабардор қилгандан сўнг «Ўзбекистон почтаси» АЖ таълим тўғрисидаги ҳужжат дубликатини ваколатли орган манзилидан ариза берувчининг манзилига беш иш куни мобайнида етказиб беради. Бунда почта учун тўловларни ариза берувчи тўлайди.
Шуни ҳам унутмаслик зарур, дубликат бериш бўйича асосли архив ҳужжатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, тегишли ҳужжатни бериш рад этилади.
Алоҳида эътиборда тутиш лозим, олий, ўрта махсус, касб-ҳунар ва профессионал таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги расмий ҳужжатлар ҳамда унинг дубликати бир хил юридик кучга эга бўлади.
Ушбу Регламент ҳарбий олий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Поп туман Адлия бўлими
Давлат хизматлари маркази шўъба мудири Д.Абдусаттров









