Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳудудларида имконияти чекланган инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва саломатлигини тиклашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шуни эътиборга олган ҳолда, Поп туманида ҳам бу тоифадаги инсонларга кўмак бериш бўйича тизимли ишлар бошланди.

Бўлиб ўтган учрашувда сектор раҳбарлари, “Халқ қабулхонаси” мудири, Нуронийлар жамияти, туман ҳокими ўринбосарлари иштирок этиб, мазкур тоифадаги инсонлар билан яқиндан суҳбат қилинди, мавжуд муаммо ва таклифлари тингланди. Хусусан, 2 та соғлиқни тиклаш, 1 та уй-жой олиш, 3 та уй-жойини таъмирлаш, 1 та кредит олиш ва моддий ёрдам каби масалалар бўйича мурожаатлар ўрганилди. Бу бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

– Бугунги учрашувда ҳудудлардан келган кўзи ожиз инсонлар билдирган муаммолари белгилаб олинди, – дейди туман Кўзи ожизлар жамияти раиси Ғофуржон Қурбонов. – Муҳими, бундай эътибор туфайли кўплаб инсонлар ҳаётида яхши ўзгаришлар бўлади. Уларнинг фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш, замонавий техникалар билан жиҳозлаш ва жой бериш каби масалалар ижобий ҳал этилади.

Шундан сўнг учрашув иштирокчилари учун мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан туман ҳокимлиги томонидан байрам совғалари топширилди.