Мана юртимиз яна байрам оғушида. Мамлакатимиз ҳаётидаги унутилмас тарихий воқеа – Ўзбекистонимиз мустақилликка эришган куннинг ўттиз йиллиги байрами арафасидамиз.

Ишончимиз комилки, асрлар, замонлар ўтар, аммо, барчамизга ўзлигимзни англаш, инсоний шаънимизни, қадр-қимматимизни, ўз юртимизни севишни, тилимиз, муқаддас динимизни ва тарихимизни қайтариб берган бу улуғ айём Ватанимиз тарихида олтин саҳифа бўлиб, абадий сақланиб қолади.

Бугунги кунда ватанимиз салоҳияти, моддий, иқтисодий ҳамда интеллектуал куч-қудратимиз тобора ошиб, шаҳару қишлоқларимизнинг қиёфаси ўзгариб бораётганини ҳеч ким инкор этолмайди.

Кўпчиликни ҳайратда қолдираётган бундай ҳақиқатни тасдиқлаб берадиган кўпгина рақам ва маълумотларни келтириш қийин эмас. Биргина туманимиз мисолида айтадиган бўлсак, ўтган бир йил давомида барча соҳаларда улкан муваффақиятларга эришилди. Бундан ташқари, “Обод қишлоқ” дастурига мувофиқ “Яккатут ”, “Қўштепа” маҳалла фуқаролар йиғинларида кўтаринки кайфият билан қурилиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Насиб этса, ушбу масканларимиз таниб бўлмас даражада чирой очиб, ўзгаришига ишонамиз.

Қадрли попликлар! Эришган ютуқларимиз албатта, ўзимизники. Лекин ниманинг ҳисобидан бундай муваффақиятлар қўлга киритилмоқда? Албатта, мустақиллик, тинчлик ортидандир. Уни қадрлаш, улуғлаш эса барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Шундай экан ана шу икки улуғ неъматни кўз қорчиғмиздек асрайлик!

Байрамлар ортидан байрамлар келаверсин, биз попликлар ҳам мустақиллигимизни ўз меҳнатимиз билан мустаҳкамлаб, унинг равнақига муносиб ҳисса қўшамиз. Сизлардан бугунги кунда туманимизда олиб борилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ишларида барчангизни фидоий бўлиб, ҳамжиҳатлик билан меҳнат қилишга чорлаймиз.

ЗЕРО ПОКЛИК ОЗОДАЛИК БОР ЖОЙГА ЯРАТГАННИНГ БАРАКАСИ ЁҒИЛАДИ.