Янги ўқув йили бошланиши билан Поп туманида 2 миллиард 800 миллион маблағ эвазига бунёд этилган 25-умумтаълим мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Қишлоқ ёшлари учун чинакам байрам совғаси бўлган ушбу тадбирда Халқ таълим вазири ўринбосари Воҳобжон Ражапов, Поп туман ҳокими Аъзамжон Султоновлар иштирок этди.

Мазкур таълим масканида ўқувчиларнинг замонавий таълим олиши учун барча шароит яратилган. 310 ўринга мўлжалланган мактаб биносининг синф хоналари замон талаблари даражасида ўқув жиҳозлар билан таъминланди.

Маросимда сўз олган Халқ таълим вазири ўринбосари иштирокчиларини янги таълим маскани ҳамда биринчи қўнғироқ байрами билан табриклаб, 1-синф ўқувчиларига Президент совғаларини тантанали равишда топширди ва мустақиллик дарсларида иштирок этди.

Туман ҳокими Аъзамжон Султановнинг айтишича, тумандаги барча мактаблар пандемия шароитида белгиланган санитария-эпидемиологик қоидаларга тўлиқ риоя қилган ҳолда янги ўқув йилини бошлашди.