Шавкатжон Абдураззақов: мамлакатимизда қисқа вақт ичида мисли кўринмаган ислоҳотлар амалга оширилди

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззақов Поп тумани Юксалиш маҳалла фуқаролар йиғинида Нуроний отахону онахонлар ва ёшлар вакиллари билан учрашди.

Мулоқот аввалида тумандаги аҳолининг долзарб масалаларини аниқлаш ва уларнинг ечимини топиш мақсадида нуроний отахонлар, туманнинг жонкуяр фидойилари даврасида яхши кайфиятда, табиат қўйнида, очиқ ҳавода ташкил этилди.

Учрашувда сўзга чиққан вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов юртимизда содир бўлаётган ўзгаришларни ёш авлодга тушунтиришда фахрийларимизнинг ҳаётий тажрибалари ва ўгитлари ниҳоятда муҳим эканлигини таъкидлаб, попликлар азалдан меҳмондўст халқлиги, бу ердаги барча ёши улуғ кексалари маънавиятли инсонлар эканлигини айтиб ўтди. У ўз нутқида йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб тарзда кутиб олиш учун жойларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, аҳолининг ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида тўхталди.

Айтиш лозимки, айни кунларда мамлакатимизда кенг қамровли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари амалга оширилмоқда. Натижада маҳалладаги файзли хонадон ва кўчалар сони ортиб бормоқда. Зеро, ободлик бор жойда, файзу барака, ривожланиш бўлади.

Тадбир сўнгида вилоят раҳбари тумандаги бир гуруҳ фаол фахрийларни ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирлади.

Навбатдаги қабул туман сектор раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтди. Унда тумандаги барча ташкилот ва корхоналар раҳбарлари ҳамда ҳудуд депутатлари жалб этилди.

Қабулда туман сектор раҳбарлари фуқаролар билан юзма-юз суҳбатлашиб, мурожаатларини тинглади. Очиқ ва самимий мулоқот тарзида кечган қабулда уй-жой, моддий ёрдам, коммунал хизмат, банк, соғлиқни сақлаш, бандлик, ер, тадбиркорлик ва бошқа масалаларга оид мурожаатлар келиб тушди.

Қабулда сектор раҳбарлари томонидан кўриб чиқилган ҳар бир мурожаат белгиланган тартибда ўрганилиб, қисқа муддатларда ҳал қилиш бўйича ташкилот раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.

Вилоят ҳокимининг навбатдаги манзили Поп туманидаги "Жўравой Эргашали Мироншох" фермер хўжалигига қарашли Қуёнчилик корхонасида бўлди.

Азалдан қуёнчилик етти хазинанинг бири дея эътироф этилган. Қуён гўшти тўйимли парҳез маҳсулоти, териси мўйна ишлаб чиқариш саноати учун қимматли хом ашё, юнги кийим-кечак ишлаб чиқаришда қўлланилади. Серпушт, тез етилади. Ҳар қандай шароитга мослашувчан. Уни саноат негизида ҳам, уй шароитида ҳам боқиш, кўпайтириш, мўмай даромад олиш мумкин.

Эргашев Санжарбек раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигида янги қуёнчилик тармоғи ташкил қилинди. Қуён боқиладиган махсус бино қурилди, озуқа базаси яратилди. Эндиликда 5 минг бош қуён боқиш имкониятига эга бўлишди.

Вилоятимиз раҳбари қуёнчиликни янада кенгайтириш, иш ўрни яратишда тадбиркор учун барча зарурий кўмаклар берилишини таъкидлади.

Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов Поп тумани далаларида бўлиб, пахта етиштирилаётган экин майдонлари, пахта экини ривожи билан боғлиқ ҳолатларни ўрганди.

Дастлаб вилоят раҳбари Дўстлик ҳамда Машъал ММТП ҳудудидаги "Транс дон", “Арт софт Барака" ва "Равшан Руҳшона" фермер хўжаликлари пахта майдонларида бўлди.

Туманда пахта етиштирилаётган майдонлар кўздан кечирилар экан, ҳосил тақдири ҳал бўладиган бу ойда фермер ва деҳқонлар зиммасида улкан масъулият турибди. Ғўза парваришидаги энг муҳим паллада амалга ошириладиган агротехник тадбирларнинг ўзига хос жиҳатларини бекаму кўст адо этиш, бунда биринчи навбатда мазкур масъулиятли даврда фермер ва мутахассислар, миробу механизаторлар, ўз ишига ўта жиддий ёндашмоғи зарур эканлиги таъкидланди.

Меҳнат ярмаркасида 38 нафар фуқароларга ишга йўлланма берилиб 5 нафар фуқаро муқим иш билан таъминланди ва меҳнат шартномаси тузилди

Бугун Поп шаҳрида жойлашган Болалар ўсмирлар спорт мактаби биносида туман ҳокимлиги, туман Прокуратураси, Ички ишлар бўлими, Мажбурий ижро бюроси, туман Бандликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси” ўтказилди.

Унда, тумандаги 37 та корхона ва ташкилотлар ўзларининг 468 та бўш иш ўринлари (вакант лавозимлар) билан қатнашдилар.

Ўтказилган меҳнат ярмаркасида юздан ортиқ фуқаролар иш сўраб мурожаат этган, улардан 38 нафарига қизиқиши ва мутахассислиги инобатга олиниб ишга йўлланма берилган бўлса 5 нафар фуқаро муқим иш билан таъминланди ва меҳнат шартномаси тузилди.

Ярмаркада иштирок этган туман прокурори Хусниддин Хакимов фуқаролар билан суҳбат жараёнида иш масаласида юзага келаётган муаммоларига белгиланган тартибда жавоб берди ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш учун тегишли ташкилот раҳбарларига кўрсатма ва топшириқларини бериб ўтди.